Annotatsiya
2-тур қандли диабет (ҚД) билан касалланган беморлар ногиронлиги ва ўлимининг асосий сабаби унинг микро- ва макроваскуляр асоратлари ҳисобланади. Халқаро диабет федерацияси маълумотларига кўра, ҚД билан яшаётган катталарнинг қарийб 43% ида касаллик ташхисланмаган [1], мета-таҳлил натижаларига кўра эса ҚД билан касалланганларнинг 22,3% ида диабетик ретинопатия аниқланади [2]. Асоратлар узоқ вақт клиник белгиларсиз ривожлангани сабабли кўпинча қайтмас босқичда аниқланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 январдаги ПҚ-102-сон Қарорида бирламчи бўғинда эндокрин касалликларни эрта ташхислаш ва асоратларининг олдини олиш алгоритмларини жорий этиш, беморларнинг диспансер назоратини онлайн регистр орқали юритиш вазифалари белгиланган [3]. Бу вазифаларни бажариш учун скрининг натижасида беморни нафақат хавф гуруҳига, балки касалликнинг клиник варианти ва асоратлар оғирлиги бўйича табақалаштирувчи ҳамда уни тегишли мутахассисга йўналтирувчи ёндашувлар зарур.